Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати "Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тўғрисида"ги Конституциявий қонунни маъқуллади. Ҳужжат Администрациянинг ҳуқуқий мақоми, ваколатлари, тузилмаси ва давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш тартибини белгилайди.
Қайд этилишича, қонун Конституциянинг янги таҳриридаги нормалар асосида ишлаб чиқилган. Унга кўра, Президент ўз фаолиятини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлаш учун Администрацияни шакллантиради, унинг ҳуқуқий мақоми, асосий вазифалари, ваколатлари ва ишлаш тартиби эса қонун билан белгиланиши лозим.
Ҳужжатда Администрация фаолиятининг асосий принциплари, тузилмаси, давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик тартиби, шунингдек мансабдор шахслар, бошқарув ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг ваколатлари белгилаб қўйилмоқда.
Қонунни ишлаб чиқишда АҚШ, Финляндия, Чехия, Словакия, Руминия, Латвия ва Қозоғистон каби давлатларнинг тажрибаси ҳам ўрганилган.
Сенаторлар фикрича, Конституциявий қонуннинг қабул қилиниши Президент фаолиятини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий таъминлаш механизмларини такомиллаштириш, давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш ҳамда давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Изоҳлар мавжуд емас