Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент Шавкат Мирзиёев нефть-газ бозорида ресурсларни асоссиз ушлаб туриш, сунъий тақчиллик яратиш ва нархларни оширишга қаратилган ҳолатларнинг олдини олиш бўйича таъсирчан назорат ўрнатишни топширди. Йиғилишда ички бозорни углеводород ресурслари билан барқарор таъминлаш ва нархлар асоссиз ўсишига йўл қўймаслик масалалари муҳокама қилинди.
Тақдимотда нефть ва газ қазиб чиқариш, импорт қилиш, қайта ишлаш, захиралаш ҳамда истеъмолчиларга етказиб бериш ҳолати танқидий кўриб чиқилган. Тармоқлар ва ҳудудлар эҳтиёжини аниқ ҳисоблаш, ички талабни биринчи навбатда таъминлаш ҳамда етказиб бериш графикларига қатъий риоя қилиш зарурлиги таъкидланган.
Нархлар барқарорлигини таъминлаш учун бозорда етарли таклиф яратиш, маҳсулотларни биржа савдоларига талабдан келиб чиқиб чиқариш ҳамда ишлаб чиқариш ва логистика харажатларини қисқартириш вазифаси қўйилган.
Шунингдек, ресурсларни асоссиз ушлаб туриш, сунъий тақчиллик юзага келтириш ва нархларни оширишга қаратилган ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича қатъий назорат ўрнатиш топширилган.
"Ўзбекнефтегаз" жамиятига нефть ва газ қазиб чиқариш бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичларини сўзсиз таъминлаш вазифаси юклатилган. Август ойида 27 та қудуқни ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, "Янги Кўлтак", "Ниёз", "Қоратау", "Марварид" ва "Тегирмон" конларидаги ишлар ҳисобига қўшимча 887 минг куб метр табиий газ қазиб чиқариш имконияти яратилади.
Шу билан бирга, суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажмини йил якунига қадар режадаги 520 минг тоннадан 606 минг тоннага етказиш топширилган.
Бундан олдин ҳам Президент Шавкат Мирзиёевга "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамиятининг 2026 йил биринчи ярим йиллик фаолияти ва йил якунига қадарги устувор вазифалари юзасидан ахборот берилганди.

Изоҳлар мавжуд емас