Загрузка
Загрузка
Деновда нега бир оиланинг уйи бузиб ташланди? Олий суд сабабини тушунтирди
Ҳодисалар

Деновда нега бир оиланинг уйи бузиб ташланди? Олий суд сабабини тушунтирди

13
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. ​Сурхондарё вилояти Денов туманида бир оиланинг уй-жойи Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан бузилгани акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Олий суд ҳолатга изоҳ бериб, уй-жой суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерини ўзбошимчалик билан эгаллаб, шу ҳудудда қурилгани учун буздирилганини маълум қилди.

Олий суд маълумотига кўра, Абдусалом Аҳмадов ва Насиба Чариева Денов тумани Ғалаба массиви Чуқурқишлоқ маҳалласидаги "Раҳмон тараққиёт омад" чорвачилик ва боғдорчилик корхонасига тегишли суғориладиган экин майдонида уй-жой ва ёрдамчи бинолар қурган.

Суд қарори билан мазкур иншоотларни жавобгарлар томонидан ёки уларнинг ҳисобидан мажбурий тартибда бузиш ҳамда ер майдонини асл ҳолатига келтириш белгиланган.

Суд таъкидлашича, суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари давлат мулки ҳисобланади ва фуқароларнинг хусусий мулкига ўтказилиши мумкин эмас. Шу сабабли бундай ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ва уларда қурилиш ишларини амалга ошириш қонунчиликка зид.

Олий суд маълумотига кўра, оила қурилиш ишларини бошлаганидан сўнг кадастр, маҳалла ва ер тузиш хизмати томонидан бир неча бор огоҳлантирилган. Бироқ қурилиш ишлари давом эттирилган.

Суд вакили уй-жойни бузиш ҳақидаги қарор бирданига қабул қилинмаганини таъкидлаган. Ҳуқуқбузарликни бартараф этишнинг бошқа чоралари натижа бермагани ва ер майдони суғориладиган қишлоқ хўжалиги ери экани аниқланганидан сўнг бузиш чораси қўлланган.

Шунингдек, мазкур ер майдони расман "Раҳмон тараққиёт омад" корхонасига тегишли бўлган. Шу боис ерни ўзбошимчалик билан эгаллаш давлат манфаатларигагина эмас, балки ердан қонуний фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган корхонанинг ҳуқуқларига ҳам дахл қилган.

Олий суд маълум қилишича, Насиба Чариева суғориладиган ер майдонини ноқонуний эгаллаб олгани учун жиноий жавобгарликка ҳам тортилган.

Суд қарори кучга кирган бўлса-да, 2026 йил 13 март куни тафтиш инстанцияси инсонпарварлик нуқтаи назаридан унинг ижросини вақтинча тўхтатган. Аризачига қонун бузилиши оқибатларини ихтиёрий бартараф этиш учун қарийб икки йил вақт берилган.

Шу билан бирга, Денов туманидаги ҳолат вилоят ҳокими назоратига олинган. Фуқаронинг уй-жой билан боғлиқ муаммосини ҳал этиш мақсадида унга янги турар жой қуриб берилиши маълум қилинган.

Олий суд фуқароларни суғориладиган ер майдонларини ноқонуний эгаллаб, уларда уй-жой ва бошқа иншоотлар қуришдан огоҳлантирди.

Эслатиб ўтамиз, Денов туманида аёлнинг бузилган турар жой масаласи вилоят ҳокими назоратига олинганди. Фуқаронинг уй-жой билан боғлиқ муаммосини ҳал этиш мақсадида унга янги турар жой қуриб берилиши маълум қилинган эди.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...