Загрузка
Загрузка
Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёда "Тоза ҳаво" консорциумини ташкил этишни таклиф қилди
Сиёсат

Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёда "Тоза ҳаво" консорциумини ташкил этишни таклиф қилди

37
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қозоғистон пойтахтида ўтган Минтақавий экологик саммитда Ўзбекистон Президенти минтақадаги иқлим ўзгаришларига қарши курашиш ва экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган 8 та муҳим ташаббусни илгари сурди. Давлат раҳбари Марказий Осиёда ҳаво ҳарорати глобал кўрсаткичдан икки баравар тезроқ кўтарилаётганини алоҳида таъкидлади.

Бугун, 22 апрель куни, Остона шаҳрида ўтказилган саммитда Президент Шавкат Мирзиёев атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш мақсадида "Марказий Осиёнинг тоза ҳавоси" давлатлараро консорциумини таъсис этиш зарурлигини билдирган. Ушбу тузилма саноатни модернизация қилиш ва "яшил" молиялаштириш бўйича қўшма оператор вазифасини бажариши кўзда тутилган.

Нутқ давомида минтақадаги экологик вазиятнинг жиддийлиги рақамлар билан асослаб берилган. Хусусан, минтақадаги музликларнинг қарийб учдан бир қисми эриб кетган, 80 миллион гектар ер майдони деградацияга учраган, сув ресурслари танкислиги йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Ўзбекистон етакчиси технологик ўтишни жадаллаштириш учун "Марказий Осиё яшил савдо йўлаги"ни шакллантириш ва иқлим лойиҳаларининг ягона инвестиция портфелини яратиш таклифини берган. Шунингдек, биологик хилма-хилликни сақлаш мақсадида "Марказий Осиё Қизил китоби"ни биргаликда ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилган.

Президент Ўзбекистоннинг бу борадаги ютуқларига ҳам тўхталиб ўтди. Хусусан, "Яшил макон" лойиҳаси доирасида 1 миллиард туп дарахт экилгани, Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектар ўрмон барпо этилгани ва қайта тикланувчи энергия улуши 30 фоизга етгани қайд этилган. Шунингдек, 2027 йилда Ўзбекистонда Бутунжаҳон ёшлар иқлим форумини ўтказиш режалаштирилган.

Саммит якунида "Марказий Осиё экологик бирдамлиги" декларацияси ва 2030 йилгача мўлжалланган Ҳаракатлар дастури қабул қилиниши минтақавий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши таъкидланган.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...