Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентда собиқ турмуш ўртоғига нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилган эркак маъмурий қамоқ жазосига тортилди. Воқеа Олмазор туманидаги "Тараққиёт" маҳалласида содир бўлган бўлиб, эркак аёлнинг хоҳишига зид равишда унинг баданига тегиниб, қучоқлашга уринган.
Суд жараёнида ҳуқуқбузар ўша куни фарзандининг туғилган куни бўлгани учун келганини ва юзага келган келишмовчилик пайтида аёлни тинчлантириш мақсадида бағрига босмоқчи бўлганини даъво қилиб, суддан енгиллик сўраган. Бироқ унинг ҳаракатлари қонунбузарлик деб топилган.
Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг қарорига кўра, эркак Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-прим 1-моддаси (Шаҳвоний шилқимлик қилиш) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга нисбатан 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Бу каби ҳолатлар хотин-қизларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчилик талаблари асосида қатъий жазоланиши эслатиб ўтилган.
Олдинроқ Тошкент шаҳри Янгиҳаёт тумани жиноят ишлари бўйича суди такси хизматини кўрсатиш давомида аёл кишига нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилган KIA русумли автомашина ҳайдовчисига нисбатан ҳам ҳукм чиқарганди.

Изоҳлар мавжуд емас