Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент халқаро инвестиция форумида сўзга чиққан Президент Шавкат Мирзиёев инвесторлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини янада оширишга қаратилган янги ташаббусларни илгари сурди.
Маълум қилинишича, устувор йўналишлардан бири инвесторлар учун ҳуқуқий кафолатлар тизимини кучайтириш ҳисобланади. Шу мақсадда жорий йил март ойидан Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш ишлари бошланган.
Қайд этилишича, марказнинг ҳуқуқий мақоми махсус Конституциявий қонун билан мустаҳкамланади. Унинг иштирокчилари учун жозибадор солиқ режими жорий этилиб, фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи, мол-мулк солиғи ҳамда божхона божлари нол фоиз этиб белгиланади.
Шунингдек, капиталнинг эркин ҳаракати, исталган валютада ҳисоб-китоб қилиш имконияти кафолатланади. Молиявий технологиялар, рақамли активлар ва "яшил" молия соҳалари учун замонавий инфратузилма яратилади.
Марказ ҳудудида мустақил молиявий регулятор ташкил қилиниб, унга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ваколати берилади. Ушбу имтиёзлар дастлабки босқичда 50 йил муддатга амал қилиши белгиланмоқда.
Яна бир муҳим янгилик сифатида Тошкент халқаро молия марказида Англия ҳуқуқи тамойилларига асосланган махсус ҳуқуқий режим жорий этилиши режалаштирилган. Шунингдек, мустақил Тошкент халқаро тижорат суди ташкил қилиниб, унда нуфузли хорижий судьялар ва халқаро экспертлар фаолият юритади.
Бундан ташқари, инвестициявий низоларни ҳал этишнинг муқобил усули сифатида медиация тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Шу мақсадда Ўзбекистоннинг БМТнинг Медиация тўғрисидаги Сингапур конвенциясига қўшилиши режалаштирилмоқда.
Таъкидланишича, мазкур чора-тадбирлар натижасида инвесторлар халқаро стандартларга мос ҳуқуқий ҳимояни Ўзбекистоннинг ўзида олиш имкониятига эга бўлади. Президент хорижий сармоядорларни яратилаётган янги имкониятлар ва қулай шароитлардан фаол фойдаланишга чақирди.

Изоҳлар мавжуд емас