Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Келаси йил март ойидан Тошкент – Нукус йўналишида тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилади. Натижада икки шаҳар ўртасидаги сафар вақти 16 соатдан 7 соатга қисқаради.
Бу ҳақда Нукус шаҳрида ҚорақалпоғистонРеспубликасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва логистика инфратузилмасига бағишланган йиғилишда маълум қилинган.
Шунингдек, ҳудудда йирик йўл ва инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда. Жумладан, 384 миллион доллар эвазига А-380 халқаро автомагистралининг Қўнғирот ҳудудидан ўтувчи 240 километри бетон қопламага ўтказилган. 18 сентябрь куни Тўрткўл, Элликқалъа ва Беруний туманларидан ўтувчи яна 92 километр йўлни қуриш ишлари бошланган. Лойиҳа қиймати 233 миллион долларни ташкил этади.
Бу ишлар натижасида транзит ташувлар ҳажми 1,5 баравар ошиши кутилмоқда. Тўрткўлга кирган юклар Қозоғистон чегарасига аввалги бир сутка ўрнига 10 соатда етиб бориши мумкин.
Қорақалпоғистонда ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича ҳам ишлар бошланади. Хусусан, "Туямўйин" сув тозалаш иншооти реконструкция қилинади, Қўнғиротдан Мўйноққача 100 километрлик ичимлик суви тармоғи тортилади.
Йиғилишда ҳудуднинг ер, фойдали қазилмалар, қуёш ва шамол энергетикаси ҳамда яйловлар салоҳиятидан фойдаланишга қаратилган янги саноат ва инвестиция харитаси ишлаб чиқилиши айтилди. "Қўнғирот – Қораўзак – Тахиатош" йўналишини "яшил саноат йўлаги" ва "интеллектуал иқтисодиёт учбурчаги"га айлантириш режалаштирилган.
Шунингдек, сунъий интеллект ва дата-марказ лойиҳалари учун ташкил этилган махсус ҳудудда умумий қиймати 8 миллиард доллар бўлган 6 та лойиҳа амалга оширилади. Мутасаддиларга 1 октябрга қадар беш йиллик дастур ишлаб чиқиш ва инвесторлар учун 1 ГВт қувватдаги барқарор электр таъминотини йўлга қўйиш топширилган.
Режага кўра, уч йилда Нукус шаҳри, Қўнғирот, Қораўзак ва Тахиатошда 1,5 мингта юқори даромадли иш ўрни яратилади. Булутли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида йиллик экспорт ҳажмини 600 миллион долларга етказиш вазифаси белгиланган.

Изоҳлар мавжуд емас