Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қорақалпоғистонда сунъий интеллект ва дата-марказ лойиҳаларини амалга ошириш учун махсус зона ташкил этилади. Унда умумий қиймати 8 миллиард доллар бўлган 6 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.
Бу ҳақда Қорақалпоғистондаги имкониятлар ва янги инвестиция лойиҳалари муҳокамаси чоғида маълум қилинган. Шунингдек, ҳудудда ресурсларни тайёр маҳсулотга айлантиришни қамраб оладиган янги саноат ва инвестиция харитаси яратилиши айтилган.
Режага кўра, "Қўнғирот – Қораўзак – Тахиатош" йўналиши Қорақалпоғистоннинг "яшил саноат йўлаги" ва "интеллектуал иқтисодиёт учбурчаги"га айлантирилади. Бу ҳудудда мавжуд ер, фойдали қазилмалар, қуёш ва шамол энергетикаси ҳамда катта яйловлардан самарали фойдаланиш кўзда тутилган.
Мутасаддиларга 1 октябрга қадар беш йиллик дастур ишлаб чиқиш ва инвесторлар учун 1 ГВт қувватга эга барқарор электр таъминотини йўлга қўйиш топширилган.
Шунингдек, уч йил давомида Нукус шаҳри, Қўнғирот, Қораўзак ва Тахиатошда 1,5 мингта юқори даромадли иш ўрни яратиш режалаштирилган. Булутли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида йиллик экспорт ҳажмини 600 миллион долларга етказиш вазифаси белгиланган.

Изоҳлар мавжуд емас