Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Боливиянинг булутли тоғ ўрмонларида илгари номаълум бўлган кичик ёввойи мушук алоҳида тур сифатида тан олинди. Олимлар унинг янги тур эканини генетик таҳлиллар орқали тасдиқлади.
Маҳаллий аҳоли уни “тилкайо” (tilcayo) деб атайди. У Жанубий Америкада яшовчи йўлбарс мушуклари гуруҳига киради. Жониворнинг узунлиги тахминан 46 сантиметр, вазни эса 1,4 килограммни ташкил этади.

Олимлар унга маҳаллий номини сақлаб қолган ҳолда Leopardus tilcayo илмий номини беришди. Унинг мўйнаси оч жигарранг бўлиб, баданида нотекис шаклдаги доғлар бор.
Тадқиқотчиларнинг маълумотларига кўра, тилкайо асосан кечаси фаол бўлиб, майда кемирувчилар билан озиқланади. Генетик таҳлиллар унинг бошқа йўлбарс мушукларидан тахминан 1,4 миллион йил аввал ажралиб чиққанини кўрсатди.
Шунингдек, тадқиқот давомида йўлбарс мушуклари илгари ўйланганидек бир ёки икки эмас, балки бешта алоҳида генетик турдан иборат экани аниқланди. Олимлар Перунинг Юнгас минтақасида яшовчи яна бир кичик турни ҳам тавсифлаб, унга Leopardus tigrinus antisuyo деб ном беришди.
Янги турларнинг аниқланиши уларни муҳофаза қилиш учун ҳам муҳим. Юнгас ўрмонлари ўрмонларнинг кесилиши, қишлоқ хўжалиги, ёнғинлар ва кончилик сабабли хавф остида қолмоқда.
Тадқиқот натижалари тақдим этилганидан сўнг, ҳар бир турнинг йўқолиб кетиш хавфи алоҳида баҳоланади.

Изоҳлар мавжуд емас