Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Наманган шаҳрида яшовчи, 42 ёшли шахс фуқароларни "Ҳаж-2026" мавсумида муқаддас зиёратга юборишни ваъда қилиб, катта миқдорда пул талаб қилгани фош этилган. Маълум бўлишича, у Чуст туманида истиқомат қилувчи 4 нафар фуқарони ноқонуний йўллар билан Саудия Арабистонига олиб боришни таклиф қилган.
Бунинг эвазига эса улардан жами 26 минг доллар талаб қилган. Ҳолат юзасидан ДХХ ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Ушбу тадбир давомида гумонланувчи сўралган маблағнинг 6 минг долларни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Қайд этилишича, мамлакатимизда "Ҳаж" зиёратини ташкил этиш ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳамда Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж вазирлиги ўртасида тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади. Ушбу жараён Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан расмий равишда ташкил этилиб, фуқароларнинг хавфсиз ва тартибли зиёрат қилиши таъминланади.
Шунга қарамасдан, айрим фирибгарлар фуқароларнинг ишонувчанлигидан фойдаланиб, уларга ноқонуний ва шубҳали таклифлар билдириш ҳолатлари ҳам учраб турибди.
Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми "а" банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ ҳам Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида 170 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси хусусий турфирмалар ва алоҳида шахсларнинг ташкилий хатолари туфайли қийин аҳволда қолганди. Хабарга кўра, Умра зиёратига борган ушбу фуқаролар ташкилотчилар томонидан нотўғри маълумот берилиши ва қайтиш авиачипталари таъминланмагани сабабли белгиланган муддатда ортга қайта олишмаган эди.

Изоҳлар мавжуд емас