Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026 йил 18 апрель куни Саудия Арабистонидан Туркия орқали Ўзбекистонга қайтиб келаётган 82 нафар фуқаро Истанбулдаги Sabiha Gökçen халқаро аэропортининг транзит зонасида қийин вазиятга тушиб қолган.
Дастлабки ўрганишларга кўра, мазкур фуқаролар Ihlos Travel ва Hikmat Travel номли хусусий туристик компаниялар хизматларидан фойдаланган ҳолда "Ар-Риёд – Истанбул – Чимкент – Тошкент" йўналиши бўйича Умра зиёратини амалга оширишни режалаштирган.
Бироқ томонлар ўртасидаги шартномавий мажбуриятлар тўлиқ ва ўз вақтида бажарилмагани оқибатида зиёратчилар чет элда оғир вазиятда қолиб кетган.
Ҳолат юзасидан тегишли идоралар томонидан зудлик билан музокаралар олиб борилган ҳамда мазкур туристик фирмалар ва уларнинг масъул ходимлари билан тушунтириш ишлари ўтказилган.
Кўрилган чоралар натижасида фуқаролар транзит ҳудудида бўлган даврда зарур озиқ-овқат, транспорт ва бошқа биринчи даражали эҳтиёж воситалари билан таъминланган. Шунингдек, уларнинг келишилган йўналиш бўйича Ўзбекистонга хавфсиз қайтарилиши тўлиқ назорат остига олинган.
Мутахассислар ва масъуллар томонидан туроператорлар ҳамда фуқароларга қуйидаги талабларга қатъий риоя этиш зарурлиги таъкидланган:
• сафар йўналишлари бўйича авиачипта ва бронларни олдиндан тўлиқ расмийлаштириш;
• транзит йўналишлар ҳақида зиёрчиларга тўлиқ ва аниқ маълумот бериш;
• сафар давомида фуқаролар билан узлуксиз алоқани таъминлаш;
• фавқулодда вазиятларда йўловчиларни ёлғиз қолдирмасдан, тўлиқ масъулиятни зиммага олиш.

Изоҳлар мавжуд емас