Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Австрия полицияси маълум қилишича, HiPP брендига тегишли болалар овқати банкаларининг бирида каламуш заҳри топилган. Ҳолат ортидан компания ўз маҳсулотларини 1 500 та Spar супермаркетларидан зудлик билан чақириб олган.
Аниқланган ҳолат Бургенланд ҳудудида қайд этилган бўлиб, истеъмолчи томонидан топширилган 190 граммли "сабзи ва картошкали" болалар озуқаси лабораторияда текширилганда заҳарли модда борлиги тасдиқланган.
Полиция маълумотига кўра, Чехия ва Словакияда мусодара қилинган ўхшаш банкалар устида ўтказилган дастлабки лаборатория таҳлилларида ҳам заҳарли модда мавжудлиги аниқланган. Бироқ модданинг аниқ тури бўйича қўшимча маълумот берилмаган.
Компания ва расмийлар баёнотида қайд этилишича, баъзи банкаларда қопқоқ очилган, шикастланган ёки муҳофаза муҳри бузилган ҳолатлар кузатилган. Шунингдек, маҳсулотда ноодатий ҳид борлиги ҳам қайд этилган.
HiPP компанияси эҳтимолий хавф бўйича барча маҳсулотлар тезкор равишда савдодан олинганини тасдиқлаб, бу ҳолат ташқи аралашув, яъни қасддан бузиш бўлиши мумкинлигини билдирган.
Spar Austria тармоғи Австрия, Словения, Венгрия, Хорватия ва Шимолий Италиядаги барча нуқталарида мазкур маҳсулотни савдодан чиқарганини маълум қилган. Бошқа мамлакатлардаги Spar тармоқлари бу текширувларга киритилмаган.
Расмийлар истеъмолчиларни ушбу банкалардаги маҳсулотни истеъмол қилмасликка чақириб, қайтарилган маҳсулот учун тўлиқ пул қайтарилишини маълум қилган. Австрия озиқ-овқат хавфсизлиги идораси эса агар чақалоқлар ушбу маҳсулотни истеъмол қилган бўлса, дарҳол тиббий ёрдамга мурожаат қилиш зарурлигини таъкидлаган.
Бундан олдин Швейцариянинг Nestle компанияси чақалоқлар учун мўлжалланган сут аралашмаларининг айрим партияларида хавфли цереулид токсини мавжуд бўлиши мумкинлиги сабабли уларни сотувдан қайтариб олаётганини эълон қилганди. Ушбу токсин истеъмол қилинганда болаларда кучли кўнгил айниши, қусиш ва қорин оғриғини келтириб чиқариши мумкин.

Изоҳлар мавжуд емас