Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШнинг Пенсильвания штати Бакс округида 30 ёшли Жўрабек Мусинов исмли шахс 15 ёшли қизга нисбатан жинсий тажовуз қилганликда айбланиб қўлга олинди. Бу ҳақда маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотига таяниб, хориж оммавий ахборот воситалари хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, воқеа жорий йилнинг 28 июнь куни Бенсалем шаҳарчасидаги Knights Inn мотелида содир бўлган. Суриштирув натижасида Мусинов жабрланувчи билан 27 июнь куни кечқурун Филадельфиядаги Walmart супермаркетида танишгани ва улар инстаграмм орқали алоқага чиқишгани аниқланган. Шундан сўнг, якшанба куни соат тунгги 01:00 ларда у қизни машинасида мотелга олиб келган ва ўша ерда унга нисбатан жинсий тажовуз уюштирган.
Полиция ходимлари қизнинг яқинларидан келиб тушган хабар асосида меҳмонхонада текширув ўтказиб, қизни ва гумонланувчи Жўрабек Мусиновни битта хонадан топишган.
Ҳозирда Мусиновга нисбатан вояга етмаган шахсга нисбатан жинсий тажовуз қилиш, вояга етмаганлар билан ноқонуний алоқа ўрнатиш ва уларнинг хулқ-атворини бузиш каби бир қатор оғир моддалар билан айблов эълон қилинган. Суд томонидан уни гаров эвазига қўйиб юбориш маблағи 15 000 доллар этиб белгиланган.
Бундан ташқари, у ҳибсда сақланаётган вақтда АҚШ ҳудудида ноқонуний равишда юргани аниқланган. Шу сабабли АҚШ Иммиграция ва божхона назорати (ICE) хизмати уни келгусида депортация қилиш мақсадида ҳибсда ушлаб туриш бўйича махсус сўров юборган.
Бундан олдин ҳам Нью-Йорк ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ўтказилган кенг кўламли махсус амалиёт натижасида Ўзбекистон фуқароларидан иборат жиноий гуруҳ қўлга олинганди.
Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ аъзолари 2025 йилнинг октябридан 2026 йилнинг апрелига қадар бўлган даврда АҚШнинг шимоли-шарқий штатларидаги омборхоналардан умумий қиймати 4,5 миллион долларлик товарларни талон-торож қилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас