Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Андижон вилоятида Суриядаги террорчилик ташкилотлари таъсирига тушиб, "жиҳод" қилиш учун чет элга чиқиб кетишни режалаштирган 13 нафар ёшлардан иборат "Ахийлар" гуруҳини қўлга олди.
Мазкур гуруҳга 2008 йилда туғилган Шаҳрихон туманида яшовчи фуқаро етакчилик қилган. У ижтимоий тармоқлар орқали Суриядаги "Аҳли Сунна вал-жамоа" террорчилик ташкилоти тарғиботчилари билан алоқага киришиб, уларнинг топшириғи асосида инстаграммда "Ал-Ғариб" номли профиль очган. Ушбу саҳифа орқали террорчилик мазмунидаги видео ва аудио материалларни тарқатиб келган.
Гуруҳга Андижон вилоятининг Улуғнор ва Шаҳрихон туманларида яшовчи, 2006–2009 йилларда туғилган (вояга етмаган ва ёшлар) 13 нафар шахс аъзо бўлган.
Ёшлар "Ахийлар" номли виртуал жамоат тузиб, унда "жиҳод" ва "ҳижрат" мавзуларини муҳокама қилишган ҳамда Сурияга чиқиб кетиш бўйича режалар тузишган.
Тезкор тадбирлар натижасида ушбу ёшларнинг Суриядаги жанггарилар лагерига чиқиб кетишининг олди олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми "г" банди (Жамоат хавфсизлиги ва жамоaт тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Россия Федерал хавфсизлик хизмати Кубандаги нефтни қайта ишлаш саноат объектига уюштирилган терактнинг олдини олган эди. Уни Ўзбекистон фуқароси халқаро террорчилик ташкилотига аъзо бўлиш учун амалга оширишни режалаштирганди.

Изоҳлар мавжуд емас