Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Андижон вилояти Шаҳрихон туманида маст ҳолатда машина бошқарган собиқ профилактика инспектори Аъзам Сотволдиев икки фуқарони уриб юборгани ҳақида хабар берилган эди. Маълум бўлишича, бунинг оқибатида оғир жароҳат олган жабрланувчилардан бири — 53 ёшли Масхобиддин Жабборов шифохонада кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай вафот этди.
Фожиа 9 ноябрь куни Шаҳрихон тумани Бобочек маҳалласи ҳудудида содир бўлган. Собиқ профилактика инспектори Аъзам Сотволдиев маст ҳолатда машина бошқариб, йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетган ва скутерда келаётган икки кишини уриб юборган.
Масхобиддин Жабборов оғир тан жароҳатлари билан шифохонанинг жонлантириш бўлимида кома ҳолатида эди. Унга «бош мия асосининг синиши, лат ёйилиши ва шишиши» ташхиси қўйилган бўлиб, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай вафот этди.
Иккинчи жабрланган, Муҳиддин Ҳамдамовда эса кўкрак қафаси ёпиқ шикастланган ва бир нечта қовурғаларининг синиши қайд этилган эди. У ҳушига келган ва холати барқарор.
Андижон вилояти ИИБ ҳолат юзасидан расмий ахборот берар экан, Аъзам Сотволдиев воқеадан икки кун олдин, яъни 2025 йил 7 ноябрда ички ишлар органлари тизимидан қуролли кучлар захирасига бўшатилганини маълум қилганди.
Ҳолат юзасидан тегишли ҳуқуқий чоралар кўрилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас