Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Андижон шаҳрида тунги соатларда ЙПХ ходимларининг "Тўхташ" ишорасига бўйсунмай қочган Onix русумли автомашина дўконга бориб урилди. Текширув давомида ҳайдовчининг ҳужжатлари йўқлиги ва автомашинага нисбатан 10 миллион сўмдан ортиқ муддати ўтган қарздорлик мавжудлиги аниқланди.

Андижон вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ Ахборот хизматининг расмий муносабатига кўра, ҳодиса 2026 йил 17 август куни соат 01:10 ларда Андижон шаҳридаги Машраб кўчасида содир бўлган.
Хизмат олиб бораётган ЙПХ ходимлари Onix автомашинасига тўхташ ишорасини берган. Бироқ ҳайдовчи талабга бўйсунмай, Ломоносов кўчаси томон ҳаракатини давом эттирган. Юқори тезликда ҳаракатлангани сабабли рул бошқарувини йўқотган ва автомобиль йўл четидаги дўконга бориб урилган.
Ҳодиса жойида ўтказилган суриштирув давомида автомашинани 27 ёшли фуқаро бошқаргани аниқланган. Текширув вақтида унинг ёнида тегишли ҳужжатлар бўлмаган. Шунингдек, транспорт воситасига нисбатан 10 миллион сўмдан ортиқ муддати ўтган қарздорлик мавжудлиги маълум бўлган.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Автомашинага техник шикаст етган.
Ҳозирда ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси 2-қисми ҳамда 194-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Андижон шаҳар ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Жиноят ишлари бўйича Томди туман суди раиси Азиза Мирзаева ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлганди.

Изоҳлар мавжуд емас