Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бухоро вилоятида кузатилаётган аномал иссиқ об-ҳаво муносабати билан 2026 йилнинг 15–17 июль кунлари вилоятдаги барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти вақтинчалик тўхтатилади. Бу ҳақда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасининг расмий хулосасига таяниб хабар берди.
Расмий маълумотларга кўра, ушбу фавқулодда чора жазирама иссиқнинг болалар соғлиғига кўрсатадиган салбий таъсирини олдини олиш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Мазкур чекловдан сўнг давлат боғчалари жорий йилнинг 20 июль, душанба кунидан бошлаб одатий тартибда ўз иш фаолиятини қайта тиклайди.
Масъуллар ота-оналардан ушбу вақтинчалик чекловни тўғри қабул қилишни ҳамда жазирама кунларда фарзандларининг саломатлигига, айниқса уларнинг очиқ ҳавода узоқ вақт қолмаслигига алоҳида эътибор қаратишни сўраган.
Эслатиб ўтамиз, Бухородан аввалроқ худди шундай аномал ҳарорат сабабли Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Навоий вилоятларидаги давлат боғчаларининг фаолияти ҳам вақтинчалик тўхтатилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас