Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қашқадарёда суд ёпиқ машинада олти соат қолиб кетган икки ёшли қизчанинг ўлимига сабаб бўлган хусусий боғча мудирасига ҳукм чиқарди.
Эслатиб ўтамиз, фожиа 20 июнь куни Косон туманида содир бўлганди. Суднинг аниқлашича, 31 ёшли мудира ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаса-да, тарбияланувчиларни ҳар куни ўзи олиб келган ва олиб борган. Ўша куни у етти нафар болани болалар боғчасига олиб борган, бироқ қизлардан бири машинанинг орқа ўриндиғида қолганини пайқамаган.
Соат 13:00 лардагина болаларни уйқуга ётқизганида бола йўқлиги маълум бўлади. Шу пайт мудиранинг турмуш ўртоғи машина калитини сўраган ва ичкаридан қизчани топган. Қизалоқ олти соат давомида ҳавосиз қолган, уни қутқариб қолишнинг иложи бўлмаган.
Қарши шаҳар суди аёлни Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик одам ўлишига сабаб бўлса) билан айбдор деб топиб, унга 3 йил муддатга манзил-колонияда озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Изоҳлар мавжуд емас