Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. IТошкент вилоятининг Бекобод шаҳридаги саноат корхонасида атмосферага чиқарилаётган зарарли моддалар миқдори белгиланган меъёрдан бир неча баравар юқори экани аниқланди. 2026 йил 7 ноябрь куни эълон қилинган текширув натижаларига кўра, корхонага атроф-муҳитни ифлослантиргани учун 1 миллиард 630 миллион 920 минг 419 сўм компенсация тўлови белгиланди.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Экополиция ходимлари Бекободдаги корхонанинг пўлатни электрда эритиш ва ферроқотишмалар ишлаб чиқариш бўлинмаларини ўрганган.
Лаборатория таҳлиллари натижасида пўлат эритиш бўлинмасида ноорганик чанг меъёрдан 2,4 баравар, олтингугурт диоксиди 1 533 баравар, углерод оксиди эса 20 баравар юқори экани аниқланган.
Ферроқотишмалар ишлаб чиқариш бўлинмасида ҳам ҳолат қониқарли эмас. Бу ерда ноорганик чанг миқдори 24,9 баравар, азот диоксиди 2,12 баравар, углерод оксиди эса 23,3 баравар юқори бўлган.
Шунингдек, пўлат эритиш цехидаги чанг-газ тозалаш ускуналари самарасиз ишлаётгани сабабли зарарли моддаларнинг бир қисми тўғридан-тўғри атмосферага чиқиб кетган. Текширув давомида бошқа камчиликлар ҳам қайд этилган.
Жумладан, корхонада экологик экспертиза хулосалари талаблари тўлиқ бажарилмаган, айрим ифлослантириш манбаларига автоматлаштирилган мониторинг тизимлари ўрнатилмаган. Лаборатория назорати ҳам етарли даражада ташкил этилмаган.
Аниқланган қоидабузарликлар учун корхонага 1,63 миллиард сўмдан ортиқ компенсация тўлови белгиланиши билан бирга, камчиликларни бартараф этиш бўйича мажбурий кўрсатмалар берилган.
Унга чанг-газ тозалаш ускуналари фильтрларини тўлиқ алмаштириш, уларнинг самарадорлигини камида 95 фоизга етказиш, лаборатория назоратини кучайтириш ва асосий ифлослантириш манбаларига автоматик мониторинг станцияларини ўрнатиш топширилган.
Ҳозирча кўрсатмаларни бажариш муддати очиқланмаган.
Олдинроқ Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Тошкентда октябрь ойида ҳаво сифатининг халқаро AQI индекси бўйича ўртача ойлик кўрсаткичи 2025 йилнинг шу ойига нисбатан 138 дан 115 га пасайганини юзасидан хабар берилганди.

Изоҳлар мавжуд емас