Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Белгияда оғир хасталикни бошдан кечирган Ўзбекистон фуқароси маҳаллий шифокорлар ва ўзбек дипломатларининг саъй-ҳаракатлари билан соғайиб, ватанига қайтарилди.
Нидерландияда меҳнат фаолияти билан шуғулланган ҳамюртимизда ўткир тиш инфекцияси юзага келган. Малакали тиббий ёрдамга ўз вақтида мурожаат қилинмагани оқибатида жиддий яллиғланиш келиб чиққан ва Брюссель орқали Ўзбекистонга қайтаётган вақтда беморнинг аҳволи кескин ёмонлашган. У зудлик билан Брюсселдаги Сент-Люк университет клиникасига ётқизилиб, реанимация бўлимига жойлаштирилган.
Клиника мутахассислари томонидан иккита мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилган ва бемор узоқ вақт давомида ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратида бўлган. Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонаси бемор шифохонага ётқизилган илк дақиқалардан бошлаб вазиятни назоратга олган. Дипломатлар шифохона маъмурияти ва беморнинг яқинлари билан доимий алоқада бўлиб, зарур консуллик ва ташкилий ёрдам кўрсатишган.
Тиббий реабилитация курсларидан сўнг беморнинг аҳволи барқарорлашган ва у ватанига хавфсиз тарзда қайтарилган Ҳозирда у Ўзбекистонда бўлиб, оиласи даврасида соғлиғини тиклашни давом эттирмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас