Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Туркиядан уч нафар вояга етмаган Ўзбекистон фуқароси Ўзбекистонга қайтарилди. Истанбулдаги Бош консулхона маълумотларига кўра, 12, 10 ва 9 ёшли болалар қариндоши томонидан доимий жисмоний ва руҳий босимга дучор бўлган.
Текширув натижасида болаларнинг Ўзбекистондан Туркияга олиб чиқиб кетилгани, амалда мажбурий мактаб таълими тўхтатилгани маълум бўлди. Шу билан бирга, улар чет элда ҳеч қандай таълим муассасасига қабул қилинмай, фақат диний таълим олишган.
Шунингдек, болаларнинг ота-онаси расман ажрашгани, онаси Россияда яшаётгани маълум бўлди.
Ҳолат аниқлангач, вояга етмаганлар Бош консулхонага олиб келиниб, улар билан психолог иштирокида суҳбат ўтказилган. Мутахассислар уларнинг эмоционал ҳолати, яшаш шароитлари ва кейинги қадамларини баҳоладилар. Уларнинг кейинги тақдири муҳокама қилингач, вояга етмаганларни ватанга қайтариш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Масалани ҳал қилиш учун вақтинчалик васийликни тайинлаш, болаларни ватанга қайтаришни ташкил этиш ва кейинчалик уларни таълим жараёнига жалб қилиш чоралари кўрилди.
25 май куни болалар масъул ходимлар ҳамроҳлигида Ўзбекистонга қайтишди.
Ҳозирда улар ижтимоий ҳимоя, таълим ва қонуний ҳуқуқларини тиклаш билан шуғулланувчи давлат органлари назорати остидадир.
Аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати хорижда қаровсиз қолган 60 дан ортиқ болани ватанига қайтарган эди.

Изоҳлар мавжуд емас