Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қирғизистоннинг Боткен шаҳрида Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудда "Сўгмент" чегара пости расман фойдаланишга топширилди. Ушбу янги объект давлат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва чегараолди ҳудудларда вазият барқарорлигини таъминлашга қаратилган муҳим стратегик қадам сифатида баҳоланмоқда.
Постда чегарачиларнинг сифатли хизмат олиб бориши учун барча зарур инфратузилма яратилган, жумладан, замонавий талабларга жавоб берадиган янги казарма барпо этилган. Мазкур чегара пости қирғиз-ўзбек давлат чегарасининг 12 километрдан ортиқ қисмида хавфсизликни назорат қилиш ва тезкор чоралар кўриш имконини беради.
Расмийларнинг қайд этишича, ушбу ташаббус нафақат чегара хавфсизлигини ошириш, балки ҳарбий хизматчилар учун муносиб меҳнат шароитларини яратишга хизмат қилади. Мазкур лойиҳа Қирғизистоннинг чегара инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича изчил олиб борилаётган кенг кўламли дастурнинг бир қисми ҳисобланиб, шу куни мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам бир қатор шу каби чегара объектлари фойдаланишга топширилган.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Риштон–Сўх йўналишидаги чегара-назорат ўтказиш ҳудудида, хусусан, Қирғизистон Республикасининг "Қайпас" чегара ўтказиш пунктида кескин вазият юзага келгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Мазкур шов-шувли лавҳалар юзасидан Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати расмий баёнот берган эди.

Изоҳлар мавжуд емас