Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентда Comrade Aziz тахаллуси билан танилган блогер Азиз Ҳакимовга нисбатан жиноят иши бўйича суд ҳукми ўқилди. У туҳмат, ҳақорат ҳамда миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, 4 йил 2 ойга озодликдан маҳрум қилинди.
11 август куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг ёпиқ суд мажлисида Ҳакимовга доир жиноят иши кўриб чиқилган. Суд Ҳакимовнинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 150-моддасида назарда тутилган урушни тарғиб қилиш жинояти таркиби мавжуд эмас, деган хулосага келган. Шу сабабли у Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-банди асосида ушбу айблов бўйича оқланган.
Бироқ суд блогерни Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисмида назарда тутилган туҳмат, 140-моддаси 2-қисмидаги ҳақорат ҳамда 156-моддаси 2-қисмидаги миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбдор деб топган.
Суд ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 59 ва 61-моддалари асосида тайинланган жазолар қисман қўшилиб, Ҳакимовга якуний 4 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Шунингдек, суд қарори билан Рақамли технологиялар вазирлигига Ҳакимов юритган Comrade_Aziz Telegram каналини блоклаш мажбурияти юклатилган.
Иш доирасида олти нафар жабрланувчига етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш масаласи ҳам кўриб чиқилган. Уларга етказилган зарарни ундириш бўйича фуқаролик ишлари судига мурожаат қилиш ҳуқуқи берилган.
Судланувчига ҳукм устидан юқори суд инстанциясига шикоят бериш муддати ва тартиби ҳам тушунтирилган.
Маълумот учун, Азиз Ҳакимов ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари, жумладан, собиқ Совет Иттифоқини тарғиб қилгани ва уни қайта тиклаш зарурлиги ҳақидаги фикрлари билан танилган.
Ҳатто Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонда ҳибсга олинган Азиз Ҳакимов (Comrade_Aziz) билан боғлиқ вазиятга изоҳ берганди.
Шунингдек, унинг 1930-йиллардаги сиёсий қатағон қурбонлари ҳамда 1920-йиллардаги миллий-озодлик ҳаракати иштирокчилари хотирасини қоралаган мазмундаги чиқишлари ижтимоий тармоқларда баҳс ва норозиликларга сабаб бўлган.

Изоҳлар мавжуд емас