Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Татаристоннинг Нижнекамск шаҳрида дронлар ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган 8 нафар ўзбекистонликнинг жасадларини Ватанга олиб келиш ишларида иштирок этиш учун Ўзбекистондан махсус ишчи гуруҳ Россия Федерацияси етиб борди.
Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи билан Россияга юборилган
махсус ишчи гуруҳ 11 август куни Нижнекамск шаҳрига етиб борди. Айни пайтда гуруҳ воқеани ўрганиш, Ўзбекистон фуқароларининг ҳалок бўлиши билан боғлиқ маълумотларни аниқлаштириш, жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш, шунингдек, марҳумларни юртга олиб келиш ва уларнинг яқинларига кўмаклашиш бўйича иш олиб бормоқда.
Татаристон томони ҳам жараённи ташкил этишда Ўзбекистонга ёрдам бермоқда. Жасадларни жўнатишдан олдин Нижнекамскдаги масжидлардан бирида марҳумлар ҳаққига жаноза намози ўқилган.
Эслатиб ўтамиз, 10 август куни Нижнекамскка дронлар ҳужуми оқибатида 13 киши, жумладан бир нафар бола ҳалок бўлган, 78 киши жароҳатланган. Ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ҳам бор.

Изоҳлар мавжуд емас