Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳудудлардаги ўрганишлар давомида транспорт тизимидаги жиддий муаммолар, жумладан, М39 автомагистралининг носозлиги, поезд ва вагонлардаги ёмон шароитлар ҳамда авиачипталар нархининг асоссиз ошиб кетганини кескин танқид қилди.
Унинг сўзларига кўра, Тошкент ва Сариосиё йўналишидаги вагонларда совитиш тизимлари ишламайди, йўловчилар манзилга етиб боргунча соғлиғига зарар етмоқда, М39 йўлининг Бойсундан ўтган қисмида эса умуман юриб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Шунингдек, ҳоким авиачипталар савдосидаги монополия, таниш-билишчилик ва сунъий тақчилликни қоралаб, чипта нархларининг икки баробар қимматлашгани ва бунга масъул идоралар, хусусан, Транспорт прокуратураси ҳамда Рақобат қўмитаси томошабин бўлиб турганини таъкидлаган. Масъулларга бир ҳафта муддат ичида чипталар савдосини шаффофлаштириш ва рақамлаштириш, сунъий тўсиқларга чек қўйиш ва вагонларда халқ учун муносиб шароит яратиш бўйича қатъий топшириқ берилган.
Аввалроқ "Миллий тикланиш" демократик партияси Марказий кенгаши раиси, депутат Алишер Қодиров қурилиш соҳасидаги тартибсизликни танқид қилганди.

Изоҳлар мавжуд емас