Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман судининг 5 октябрдаги ҳукми билан "Сирожиддин media" компанияси раҳбари, блогер Сирожиддин Одилов товламачилик ва фирибгарлик жиноятларини содир этганликда айбдор деб топилди.
Аввалроқ судья Санжар Расуловнинг Навоий вилояти судининг жиноят ишлари бўйича суд ҳайъати раиси лавозимига тайинланиши муносабати билан блогер Сирожиддин Одиловга нисбатан олиб борилаётган суд тергови "ноль"дан қайта бошланганди. Шу сабабли жараён чўзилиб кетган эди.
Суд қарорига кўра, Одилов Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) ҳамда 168-моддаси 3-қисми "б, в" бандлари (хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда такроран фирибгарлик) бўйича айбли деб топилиб, унга 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Суд муҳокамаси давомида айбланувчи бир нафар фуқародан товламачилик йўли билан 12 миллион сўм, шунингдек, яна икки нафар фуқародан фирибгарлик йўли билан тегишлича 30 миллион ва 33 миллион сўм маблағни қўлга киритгани исботланган. Жабрланувчиларга етказилган умумий 75 миллион сўмлик зарар судланувчи томонидан тўлиқ қопланган.
Суд ахборотида алоҳида таъкидланишича, ушбу жиноят иши доирасида Одиловнинг ижтимоий тармоқлардаги блогерлик фаолияти юзасидан ҳеч қандай айблов қўйилмаган. Айблов фақат фуқароларнинг мулкини товламачилик ва фирибгарлик йўли билан ўзлаштиргани билан боғлиқ.

Изоҳлар мавжуд емас