Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси томонидан "Ёшлар маркази" биноси томини термоизолация қилиш бўйича ўтказилган 243,3 миллион сўмлик давлат харидида қонунбузилиш ва ўзаро тил бириктириш аломатлари аниқланди. Очиқ реестр маълумотлари ва расмий ҳужжатлар таҳлили шуни кўрсатадики, тендернинг ғолиби ва захира ғолиби деб топилган корхоналар амалда бир-бирига тўғридан-тўғри боғланган бўлиб, сунъий рақобат муҳитини яратиш учун ҳаракат қилган.
Тендер баённомасига кўра, бошланғич қиймати 243,3 миллион сўм бўлган мазкур лотда ташкил топганига бир ой ҳам тўлмаган, яъни 2026 йил 24 апрелда рўйхатдан ўтган FORTUNE CRAFT компанияси 100 балл билан ғолиб деб топилган. Айни пайтда GREEN REGION компанияси эса 94,87 балл тўплаб, захира ғолиби сифатида қайд этилган. Бироқ юридик шахсларнинг давлат реестридаги маълумотлар ушбу икки рақобатчи орқасида аслида бир хил шахслар турганини кўрсатмоқда.
Хусусан, ғолиб корхона (FORTUNE CRAFT) раҳбари ва ягона таъсисчиси Аҳмедов Жавоҳирбек Ахат ўғли ҳисобланади. Ушбу шахс тендер якунланишидан атиги бир кун олдин, яъни 2026 йил 14 май кунига қадар захира ғолибининг эгаси Жасурбек Жўрабоевга тегишли бўлган бошқа бир компания — AURONIX SOLUTIONS компаниясида директор лавозимида фаолият юритган. Бундан ташқари, ғолиб бўлган FORTUNE CRAFT компанияси Наманган вилояти, Мингбулоқ тумани, Меҳнатобод қишлоғи, Қўғоликўл кўчаси, 17-уйда рўйхатдан ўтган бўлса, захира ғолиби GREEN REGIONкомпанияси раҳбари Жасурбек Жўрабоевга тегишли бўлган AURONIX SOLUTIONS ва CHORTOQ METALLURGIYA ZAVODI корхоналари ҳам айнан шу манзилда — Қўғоликўл кўчаси, 17-уйда жойлашган. Бу ҳолат давлат харидлари тизимидаги назорат фильтрларини алдаш ва аффилланганликни яшириш мақсадида раҳбарлар таркиби сунъий равишда ўзгартирилганидан далолат беради.
Шубҳали жиҳатлар фақат таъсисчилар занжири билан чекланмайди. Давлат реестри ҳужжатларига кўра, ғолиб чиққан FORTUNE CRAFT ҳам, у билан боғлиқ бўлган AURONIX SOLUTIONS ҳам тендер ўтказилишидан атиги 3 ҳафта олдин ташкил этилган бўлиб, уларнинг иқтисодий фаолият тури "Ихтисослашмаган улгуржи савдо" деб расмийлаштирилган. Ваҳоланки, давлат харидининг предмети мутлақо бошқа соҳа — бино томига пенополиуретан пуркаш, яъни махсус қурилиш-изоляция хизмати кўрсатишдан иборатдир. Қурилиш соҳасида ҳеч қандай тажрибага ва тегишли техник базага эга бўлмаган янги фирманинг харид комиссияси томонидан техник босқичда максимал балл билан баҳоланиши тизимда жиддий манфаатлар тўқнашуви мавжудлигини кўрсатмоқда.
Тендер баённомасидан маълум бўлишича, Тошкент вилояти Ёшлар бошқармасининг Махмудов Отабек Уктамали ўғли раислигидаги 6 нафар аъзодан иборат харид комиссияси ушбу икки аффилланган корхонанинг таклифларини маъқуллаган. Гарчи комиссия аъзолари техник баҳолаш жараёнида захира ғолиби GREEN REGION компанияси ҳужжатларига "хато" ва "талаб даражасида эмас" дея изоҳ қолдириб, унинг балларини сунъий равишда туширишган бўлса-да, уни барибир лойиҳадан четлатишмаган ва якунда захира ғолиби деб эълон қилишган.
Бу эса тендерда камида иккита иштирокчи қатнашиши шартлиги ҳақидаги қонуний талабни сохта равишда бажариш ҳамда FORTUNE CRAFT корхонасининг ғалабасини таъминлаш учун иккинчи корхона лойиҳага шунчаки "кўргазмали шерик" сифатида киритилганини тасдиқлайди. Мазкур ҳолат Ўзбекистон Республикасининг "Давлат харидлари тўғрисида"ги ва "Рақобат тўғрисида"ги қонунлари талабларига мутлақо зид бўлиб, тегишли ваколатли органлар томонидан алоҳида ҳуқуқий баҳо беришни талаб этади.
Эслатиб ўтамиз, бугун ҳам Рақобат қўмитаси давлат харидлари жараёнлари устидан ўтказилган назорат тадбирларида Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ўтказилган, умумий қиймати 9,1 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 6 та давлат хариди текширилганда рақобатни чеклайдиган ҳаракатлар содир этилгани маълум бўлганди.

Изоҳлар мавжуд емас