Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Фарғона вилоятининг Бувайда туманида рейд тадбири ўтказаётган экологик назорат инспекторлари вояга етмаган қизнинг ҳаётини сақлаб қолди.
Вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси маълумотига кўра, инспекторлар ҳудуддаги Ачиқкўл канали яқинида текшириш ишларини олиб боргаётган бўлган. Шу пайт кўприкдан бир қиз ўз жонига қасд қилмоқчи бўлиб, сувга сакраган.
Тахминан 200 метр узоқликда бўлган экологлар хавфли вазиятни пайқаб, зудлик билан воқеа жойига етиб борган. Тезкор ҳаракатлар натижасида қиз хавфсиз жойга олиб чиқилган.
Шундан сўнг унга биринчи ёрдам кўрсатилиб, тегишли хизматлар ҳамда яқинларига хабар берилган.
Мутасаддилар ушбу ҳолатни инспекторларнинг масъулиятли ва фидокорона ҳаракати натижаси сифатида баҳоламоқда.
Олдинроқ Жомбойда йўлда бошланган тўлғоқ сабаб ЙПХ ходимлари аёл ва унинг оиласига ёрдам берган эди. Натижада иккала инсоннинг ҳаёти сақлаб қолинганди.

Изоҳлар мавжуд емас