Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Давлат хавфсизлик хизмати тезкор ходимлари томонидан ўзбекистонликлардан пора талаб қилган бир нечта амалдорлар ушланган. Бу ҳақда Batafsil.uz. мухбири хабар бермоқда.
"Агросаноат мажмуаси устидан назорат қилиш инспекцияси Сирдарё туман бўлими бошлиғининг ўринбосари маҳаллий корхона раҳбарига “Сирдарё” сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудидаги экин ерларга шағал тўкиб зарар етказгани учун 232 миллион сўм жарима солиш билан таҳдид қилган. Бунинг эвазига амалдор тадбиркордан 5 минг доллар талаб қилган”, - деб қайд этмоқда Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати.
Тезкор тадбир давомида юқорида кўрсатилган мансабдор шахс талаб қилинган маблағни олиш пайтида ушланган.
Яна бир ҳолатда Сирдарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи маҳаллий корхоналардан бирининг бухгалтеридан 1 минг доллар ва 900 минг сўм пулни олаётганида қўлга олинган. Бўлим бошлиғи 2020 йилда қўшилган қиймат солиғи учун ортиқча тўланган 230 миллион сўмни қайтариб беришга ваъда қилган.
Бундан ташқари, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги сув истеъмолчилари уюшмаларидан бирининг раиси маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб олиб, бир мавсум давомида деҳқончилик учун 3 гектар суғориладиган ва 20 гектар ўзлаштирилмаган ер ажратишни таклиф қилиб, бу учун 50 миллион сўм талаб қилган. Кўрсатилган шахс талаб қилинган пулни олиш пайтида ушланган.
Шунингдек, кучишлатар идораси ходимлари ер билан боғлиқ фирибгарлик уюштиришга уринган бир қатор шахсларни қўлга олишган.
Бухоро вилояти Бухоро туманида истиқомат қилувчи фуқаро фирибгарлик йўли билан бир кишининг ишончига кириб, маҳаллий ҳокимиятдаги танишларининг имкониятлари орқали ушбу туман ҳокимлиги захирасида бўлган 10,8 сотих ерни унинг номига расмийлаштириб беришга ваъда қилиб, бунинг учун 23 500 доллар сўраган. Фирибгар ушбу суммани олаётганда қўлга олинган.
Андижон вилояти Асака туманидаги собиқ фермер хўжалиги раҳбари иссиқхона қуриш ва шоли етиштириш учун шу туман ҳокимлиги заҳирасидаги 50 сотих ернинг ажратилишига кўмаклашиш учун талаб қилинган 10 минг доллар 5 мингини олаётганида ушланган.
Таъкидлаш лозимки, ушбу ер участкаси аввал кўрсатилган фермер хўжалиги балансида бўлиб, фирибгар шундан фойдаланишга қарор қилган.
Ҳозирги кунда барча ушланган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий ишлар қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас