Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда Фарғона ва Наманган вилоятларида тегишли лицензиясиз "Умра" зиёратини ташкил этишга уринган туристик фирма вакиллари ушланди.
Маълумотларга кўра, Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида фаолият юритувчи сайёҳлик фирмаси раҳбари 2 нафар фуқарони "Умра" сафарига юбориш эвазига 2200 доллар талаб қилиб, ушбу пул маблағини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Шунингдек, Наманган вилояти Чортоқ туманидаги турфирма ходими 2 нафар фуқарони зиёратга юбориш учун 2200 доллар сўраб, олдиндан 400 долларни олаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан ушбу шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Олдинроқ Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида 170 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси хусусий турфирмалар ва алоҳида шахсларнинг ташкилий хатолари туфайли қийин аҳволда қолганди. Хабарларга кўра, Умра зиёратига борган ушбу фуқаролар ташкилотчилар томонидан нотўғри маълумот берилиши ва қайтиш авиачипталари таъминланмагани сабабли белгиланган муддатда ортга қайта олишмаган.

Изоҳлар мавжуд емас