Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда хизмат мавқеидан фойдаланиб, фуқаролардан жами 150 миллион сўм пул талаб қилган Фарғона ва Шароф Рашидов туманлари электр таъминоти корхоналари муҳандислари ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Биринчи ҳолатда, Фарғона тумани электр таъминоти корхонаси муҳандиси маҳаллий фуқаронинг қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехига янги электр тармоғи тортиш, ҳисоблагич ўрнатиб бериш ва юқори лавозимдаги танишлари орқали барча зарур рухсатнома ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 100 миллион сўм талаб қилган. Илгари ҳам судланган ушбу муҳандис сўралган пул маблағини олаётган вақтида воқеа жойида ушланган.
Иккинчи ҳолат эса Жиззах вилоятида кузатилган. Шароф Рашидов тумани электр таъминоти корхонаси муҳандиси маҳаллий фермер хўжалигининг электр энергиясидан бўлган 122 миллион сўмлик қарздорлигини ваколатли танишлари ёрдамида базадан ўчириб беришни ваъда қилиб, 50 миллион сўм талаб қилган. Муҳандис ушбу пулдан аввалроқ 10 миллион сўмини олган бўлиб, қолган 40 миллион сўмини қўлга киритаётган пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинган.
Ҳозирда мазкур икки ҳолат юзасидан айбдор шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашининг коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган қарорига кўра, пойтахтдаги туман ва шаҳар ҳокимликларининг 29 нафар ходими коррупциявий ҳуқуқбузарликлар ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўйгани аниқланганди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан айрим масъулларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида 1 353 та баённома расмийлаштирилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас