Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россияда "Адолатли Россия" партияси раиси Сергей Миронов мигрантларнинг ижтимоий соҳалар, жумладан, соғлиқни сақлаш, таълим ва такси хизматларида ишлашини тақиқлашни таклиф қилди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Мироновнинг таъкидлашича, айрим ҳудудларда мигрантларнинг ижтимоий соҳада ишлашини чеклаш чоралари аллақачон амалга оширилган. У хорижликларнинг рус тилини етарлича билмаслиги, такси ҳайдовчилари эса шаҳарни яхши билмаслиги ва йўл ҳаракати қоидаларини бузиши мумкинлигини айтган.
Шунингдек, партия раиси Россияда меҳнат мигрантлари учун амалдаги патент тизимини бекор қилиш зарурлигини билдирган. Унинг фикрича, патент сотиб олган хорижликлар айрим ҳолатларда мамлакатда ишламаслиги мумкин.
Миронов меҳнат миграцияси соҳасида мигрантларни иш берувчилар билан уюшган ҳолда ишга қабул қилиш тизимини жорий этишни таклиф қилган.
Бундан олдин Россия Давлат Думасида меҳнат муҳожирлари учун жисмоний шахслар даромад солиғини 30 фоизгача ошириш таклиф қилинганди. Ташаббус ЛДПР фракцияси раҳбари биринчи ўринбосари Андрей Луговой томонидан илгари сурилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас