Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашининг коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган қарорига кўра, пойтахтдаги туман ва шаҳар ҳокимликларининг 29 нафар ходими коррупциявий ҳуқуқбузарликлар ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўйгани аниқланди. Мазкур ҳолатлар юзасидан айрим масъулларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида 1 353 та баённома расмийлаштирилган.
Хусусан, Миробод, Чилонзор, Юнусобод ва Яшнабод туманлари ҳокимларининг тўрт нафар ёрдамчиси ҳамда Яккасарой тумани ҳокимининг қурилиш ва экология масалалари бўйича ўринбосари билан коррупцияга йўл қўймаслик ва хизмат этикасига риоя қилиш бўйича якка тартибда огоҳлантирувчи профилактик суҳбатлар ўтказилган. Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик ижроси текширилганда, ҳокимликларнинг 167 нафар ходими тадбиркорлик субъектларида улушга эга экани ёки тижорат ташкилотлари фаолиятида иштирок этаётгани маълум бўлган.
Қонунбузилишларни бартараф этиш мақсадида тезкор чоралар кўрилган: 13 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган. 6 нафар ходимнинг 20 та тадбиркорлик субъектидаги таъсисчилик фаолияти тугатилган. 4 нафар ходимнинг тижорат ташкилотларидаги раҳбарлик лавозими бекор қилинган. 7 та тижорат ташкилотини тугатиш жараёни бошланган ва яна 2 та ташкилот давлат реестридан чиқарилган.
Бундан ташқари, қонун талабларини бузган 49 нафар ходим билан тушунтириш ишлари олиб борилган, 55 нафар ходимнинг хатти-ҳаракати Этика комиссиясида кўриб чиқилиб, уларга огоҳлантириш берилган.
Давлат бошқарувида очиқликни таъминлаш мақсадида жорий йилнинг январь–апрель ойларида “E-qaror” тизими орқали қабул қилинган ҳужжатлар таҳлил қилинганда, хавотирли ҳолат аниқланган. Маълум бўлишича, 2026 йилнинг январь ойида қабул қилинган қарор ва фармойишларнинг 50,4 фоизи тизимга жамоатчиликдан яширилган (ёпиқ) режимда жойлаштирилган.
Шунингдек, комплаенс-назорат хизмати томонидан Тошкент шаҳар ва туман ҳокимликларининг 350 та қарор лойиҳаси текширилиб, улардан 7 таси рад этилган, 153 таси эса келишилган. Ўтказилган ушбу ички текширувлар натижасида Тошкент шаҳар ҳокимлиги захира жамғармасининг 2 миллиард сўм маблағи иқтисод қилиб қолинган.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Президент фармони билан суд аппарати ходимлари учун коррупция хавфларини камайтиришга қаратилган янги чекловлар жорий этилмоқда. Эндиликда суд аппарати ходимларига Ўзбекистондан ташқарида банк ҳисобварақлари очиш ва уларга эгалик қилиш, шунингдек, хорижда кўчмас мулк ҳамда бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланади.

Изоҳлар мавжуд емас