Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Фарғона вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган текширувда бир хусусий корхона масъуллари гўёки иш ҳақи учун ҳисоб-рақамдан 1,1 триллион сўмни ечиб олиб, корхонани қасддан банкротликка учратгани аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аниқланишича, хусусий корхонанинг масъул шахслари кредиторлар олдидаги мажбуриятларини бажармасликни кўзлаб, олдиндан режалаштирилган жиноий схемани амалга оширишган. Улар тўлов интизомини қўпол равишда бузган ҳолда, муддати ўтган дебитор қарздорликларни белгиланган муддатларда ундириш чораларини кўрмаган ва сотувдан тушган маблағларни банкка топширмасдан келишган. Шундан сўнг, йирик миқдордаги маблағни ўз манфаатлари йўлида ноқонуний ишлатиб юбориш мақсадида,1,1 триллион сўмни иш ҳақи баҳонасида ҳисоб-рақамдан ечиб олиб, корхонани қасддан тўловга қобилиятсизлик ҳолатига олиб келишган.
Ҳозирда масъулларга нисбатан Жиноят кодексининг 181-1-моддаси (қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб кириш) ва 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) билан қўзғатилган жиноят иши доирасида суриштирув ишлари давом этмоқда.
Бундан олдин ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти суди судьясининг катта ёрдамчиси ҳамда суд тугатиш бошқарувчиси бир компаниянинг 230 миллион сўмлик қарздорлигини банкротлик иши доирасида бартараф этиб бериш эвазига 10 миллион сўм пора олаётган вақтида ушлангани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Изоҳлар мавжуд емас