Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан ўзларининг бир ёшга тўлмаган ўғил фарзандини моддий манфаатдорлик эвазига сотишга уринган эр ва хотинга нисбатан ҳукм ўқилди. Суд қарорига кўра, айбдорларнинг ҳар иккаласига Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) тегишли қисми билан 5 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Суд ҳужжатлари ва суриштирув маълумотларига кўра, Қўқон шаҳрида туғилиб-ўсган ва шаръий никоҳ асосида яшаб келган жуфтлик 2025 йилнинг октябрь ойида ўғил фарзандли бўлишган. Оилавий келишмовчиликлар, қарздорлик ва молиявий қийинчиликлар сабабли она танишининг таклифига рози бўлиб, гўдакни сотишга қарор қилган.
Ота ҳам ушбу ҳаракатга розилик бериб, тушган маблағ эвазига қарзларни узиш ва шахсий режаларни амалга оширишни мақсад қилган. Суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар ҳамда холисларнинг кўрсатмалари эшитилиб, тўпланган сифатли далиллар асосида уларнинг айби тўлиқ ўз исботини топган.
Судланувчиларнинг озодликдан маҳрум этилганини инобатга олган ҳолда, ота-она қарамоғисиз қолган вояга етмаган боланинг кейинги тақдирини ҳал этиш ҳамда уни ҳимоя қилиш масъулияти Қўқон шаҳар "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази ва шаҳар ҳокимлигининг Болаларни ҳимоя қилиш шўъбаси зиммасига юклатилган.
Олдинроқ пойтахтнинг Янгиҳаёт туманидаги "Зарбдор" маҳалласида янги туғилган чақалоқ солинган сумка топиб олинган эди.

Изоҳлар мавжуд емас