Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Бугун, 21 июль куни, Термиз шаҳрида кузатилаётган кучли шамол сабабли атмосфера ҳавосида чанг ва майда дисперсли заррачалар миқдори кескин кўпайиб кетди. Атроф-муҳит аҳволи бўйича ўрнатилган автоматик мониторинг станцияларининг маълумотларига кўра, шаҳар ҳавосининг ифлосланиш даражаси белгиланган санитария меъёрларидан бир неча баробар юқорилади.
Жумладан, куннинг биринчи ярмида ҳаводаги PM10 майда заррачалари меъёрдан 1,2 дан 15,6 бараваргача, одам саломатлиги учун энг хавфли ҳисобланган PM2,5 дисперсли заррачалари эса 2,8 дан 33,3 бараваргача ошиб кетгани қайд этилган.
Пешин вақтида ҳам вазият жиддийлигича қолиб, PM2,5 кўрсаткичи белгиланган меъёрдан 21,6 баробар юқори даражада сақланиб турган.
Мутахассисларнинг эслатишича, амалдаги санитария қоидаларига кўра ҳаводаги PM10 заррачаларининг рухсат этилган максимал миқдори 350 мкг/м3 ни, PM2,5 заррачаларининг йиллик ўртача меъёри эса 35 мкг/м3 ни ташкил этади.
Бундай ноқулай метеорологик шароитда аҳолига, айниқса нафас йўллари хасталикларига чалинган ва ёш болаларга очиқ ҳавода камроқ бўлиш ҳамда ҳимоя ниқобларидан фойдаланиш тавсия этилади.
Олдинроқ Тошкент шаҳрида 11–12 июль кунлари кузатилган ҳаво ифлосланиши Оҳангарон туманидаги маиший чиқиндилар полигонида юз берган ёнғин оқибати экани маълум бўлган эди.

Изоҳлар мавжуд емас