Загрузка
Загрузка
Фарғонадаги боғчаларда оммавий заҳарланиш оқибатида ўнлаб болалар шифохонага ётқизилди
Ҳодисалар

Фарғонадаги боғчаларда оммавий заҳарланиш оқибатида ўнлаб болалар шифохонага ётқизилди

70
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Фарғона шаҳридаги бир нечта давлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчиларнинг оммавий заҳарланиши қайд этилди. 20 февраль куни 61-, 58-, 22- ва 2-сонли боғчалардан соғлиғи ёмонлашиб уйига қайтган болалар иситма, кўнгил айниши, қайт қилиш ва ич кетиш белгилари билан юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Ота-оналарнинг сўзларига кўра, шифохоналар бемор болалар билан тўлиб кетган, бироқ масъуллар маълумотлар тарқалиб кетмаслиги учун Telegram гуруҳлардаги муҳокамаларни чеклашга уринмоқда.

Ўрганишлар давомида маълум бўлишича, мазкур боғчаларга тайёр овқатлар аутсорсинг асосида Қувасой шаҳрида жойлашган "Garden Catering Trade" томонидан етказиб берилган. 20 февраль кунги таомномада тушлик учун борш ва тефтел, кечки овқатга эса картошка пюреси кўзда тутилган эди. Боғча мудираларидан бири тарбияланувчиларнинг шифохонага тушганини тасдиқлаб, озиқ-овқат таъминоти учун мазкур корхона масъул эканини билдирган.

Ҳозирда заҳарланишнинг аниқ сабаблари мутахассислар томонидан ўрганилмоқда. Дастлабки тахминларга кўра, болалар гўшт маҳсулотларидан заҳарланган бўлиши мумкин. Вилоят ҳокимининг 2024 йил 25 июлдаги боғчаларда соғлом овқатланишни ташкил этиш бўйича қарорига қарамай, аутсорсинг хизмати кўрсатувчи корхона томонидан санитария талабларига риоя этилмагани гумон қилинмоқда.

Ҳолат юзасидан Batafsil.uz мухбири Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот котиби билан боғланди. Дилфуза Собирова ҳолатни тасдиқлаб, барча маълумотлар ўрганилаётганини, расмий муносабат берилишини маълум қилган.

Қўшимча маълумот: Фарғонада 62 нафар боғча боласи оммавий заҳарланиш ташхиси билан шифохонага ётқизилгани маълум (https://t.me/soglomfargona/13424) бўлди.

Аниқланишича, 2026 йил 21 февраль куни соат 19:00 дан бошлаб шаҳардаги 2, 58 ва 61-сонли боғчаларнинг тарбияланувчиларии тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Болаларда тана ҳарорати кўтарилиши, қорин соҳасида оғриқ, кўнгил айниши ва ҳолсизлик каби аломатлар кузатилган. Шифокорлар томонидан беморларга "Ўткир диарея касаллиги, алиментар этиологияли" дастлабки ташхиси қўйилган.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг маълум қилишича, ҳозирда барча беморлар стационар шароитда даволанмоқда ва уларнинг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда.  

Мазкур ҳолат юзасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси мутахассислари томонидан боғча ошхоналари ва таом етказиб берувчи корхоналарда текширув ўтказилмоқда. Болалар истеъмол қилган озиқ-овқат маҳсулотларидан лаборатория таҳлили учун намуналар олинган.

Ҳозирда заҳарланишнинг аниқ сабабларини аниқлаш бўйича суриштирув ишлари давом этмоқда.

Бундан олдин Тошкент вилоятида ҳам болалар боғчаларида болаларни оммавий заҳарланиш иши бўйича етти киши қўлга олинганди. Улар орасида сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компаниянинг уч нафар ходими ва озиқ-овқат таъминоти билан шуғулланувчи аутсорсинг ташкилотларининг тўрт нафар вакили бор.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...