Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Эроннинг Арманистондаги элчихонаси Самарқанднинг тарихий меросига оид баҳсли постини Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги норозилик билдирганидан кейин ўчирди. Ҳолат юзасидан Batafsil.uz мухбирининг сўровига Эрон элчихонаси муносабат билдирмади.
Баҳс АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Самарқанддаги Регистон майдонидан видеомурожаат йўллаганидан кейин бошланган. Эроннинг Арманистондаги элчихонаси ушбу видео остида изоҳ қолдириб, Рубио турган жой "форс цивилизацияси ва меъморчилигининг бир қисми" эканини таъкидлаган. 26 октябрь ҳолатига кўра, элчихона мазкур постни ўз саҳифасидан олиб ташлаган.
Ўзбекистон ТИВ 23 октябрь куни Эрон элчисини вазирликка чақиртириб, Самарқанднинг тарихий-маданий меросини бирёқлама ва сиёсий мақсадларда талқин қилувчи материаллар юзасидан қатъий эътироз билдирганди.
Учрашувда Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар мероси ўзбек халқининг кўп асрлик давлатчилиги ва маданий тараққиётини акс эттириши таъкидланган. Расмий Тошкент дипломатик ваколатхоналар тарқатаётган материаллар ўзаро ҳурмат тамойилларига мос бўлиши, тарихий-маданий масалалар эса сиёсийлаштирилмаслиги кераклигини билдирган.
Эрон томонига баҳсли материалларни олиб ташлаш ва келгусида бундай ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш талаби қўйилган.

Изоҳлар мавжуд емас