Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. "Ўзбекистон темир йўллари" жорий йилнинг 7 ноябридан эътиборан Термиз станцияси орқали Афғонистонга экспорт қилинадиган юкларни қайта юклаш учун янги йиғим ставкаларини жорий этади. Компания ушбу қарорни "даромадлар йўқотилишининг олдини олиш" зарурати билан изоҳлаган.
Янги тартибга кўра, айрим юклар бундан мустасно, Термиз станциясига темир йўл орқали келтирилиб, кейин Афғонистонга қайта юкланадиган ҳар бир вагон учун ташиш масофасига қараб 800 минг сўмдан 1,3 миллион сўмгача (ҚҚСсиз) қўшимча йиғим ундирилади.
Автомобиль транспортида келтирилган юклар учун эса масофага қараб ҳар бир вагон учун 2,8 миллион сўмдан 7,6 миллион сўмгача (ҚҚСсиз) йиғим белгиланган.
Бундан ташқари, буғдойни Термиз станцияси орқали Афғонистонга экспорт қилишда темир йўл транспортида ташиш масофасига қараб ҳар бир вагон учун 6,8 миллион сўмдан 26 миллион сўмгача, автомобиль транспортида эса 12 миллион сўмдан 33 миллион сўмгача (ҚҚСсиз) йиғим ундирилади.
Шунингдек, Термиз порт станциясига ташиладиган юклар учун ҳам алоҳида йиғимлар жорий этилмоқда. Буғдойдан ташқари юклар учун ташиш масофасига қараб ҳар бир вагон учун 3 миллион сўмдан 8 миллион сўмгача, буғдой учун эса 13 миллион сўмдан 33 миллион сўмгача (ҚҚСсиз) тўлов белгиланган.
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг таъкидлашича, тадбиркорлар ва жамоатчилик вакиллари ушбу қарорни кескин танқид қилмоқда.
Унинг қайд этишича, Афғонистон Ўзбекистоннинг учинчи йирик экспорт ҳамкори ҳисобланади. Бундай янги "ўлпонлар" миллий маҳсулотларнинг қўшни бозордаги рақобатбардошлигига жиддий зарба бериши мумкин.
Қайд этиш жоизки, тарифлар мунтазам оширилаётган бир пайтда "Ўзбекистон темир йўллари" 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида 1 триллион сўмдан ортиқ соф фойда олган.
Айни вақтда жамоатчилик Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасидан ушбу вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш ва текширув ўтказишни кутмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон делегацияси Қобулда йирик қурилиш ва инфратузилма лойиҳаларида иштирок этиши ҳақида хабар берилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас