Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Текинга ўч бўлган ўзбекистонликлар ҳисобидан фирибгарлар бойиб кетишмоқда. Улар гўёки ютиб олинган телефон ва маиший техника ҳақидаги хабарларни ижтимоий тармоқларда тарқатишмоқда. Бунга ишонган фуқаролардан молни етказиб бериш учун 30-50 минг сўм тўлаш сўралади. Кўпчилик буни ҳақиқат деб ўйлаб, етказиб бериш фирибгарлик бўлиши мумкин эмас, деган фикрда бўлади. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Шу каби воқеалардан бири яқинда Сурхондарё вилоятида юз берган. Ички ишлар идорасиг термизлик фуқаро мурожаат қилиб, Телеграмда ташкил этилган “Ҳалол акция” аъзоси бўлганини билдирган.
Кунлардан бирида гуруҳ администратори унга хабар юборган. Хабарда айтилишича, фуқаро янги фойдаланувчиларни қўшгани учун Samsung А32 телефонини ютиб олган эмиш. Телефонни қўлга киритиш учун етказиб бериш ҳаққи сифатида банк картасига 50 минг сўм ўтказиш сўралган.
Сўралган пуллар ўтказиб берилсада, янги телефон жўнатилмаган. Гуруҳ администратори эса фуқарони “қора рўйхат”га қўйиб, ўзини халос қилган. Текшириш натижасида аниқланишича, Навоий вилояти Қизилтепа туманида яшовчи 24 ёшли эркак бу қинғир ишга қўл урган экан. Қолаверса, бу одам илгари ҳам шу каби ҳуқуқбузарликларни содир этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169 моддаси 3 қисми (фирибгарлик) бўйича жиноят иши очилиб, тергов олиб борилмоқда. Бу жиноят беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас