Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Марказий банки жисмоний шахслар ўртасида мобиль телефон рақами орқали пул ўтказиш имконини берувчи янги тартибни тасдиқлади. Унга кўра, фуқаролар банк ҳисобварағини телефон рақамига боғлаб, Тезкор тўловлар тизими орқали пул жўнатиши мумкин бўлади.
Марказий банк бошқарувининг 2026 йил 14 августдаги 22/6-сон қарори билан тегишли қоидалар тасдиқланган. Ҳужжат Адлия вазирлигида 24 август куни 3930-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган.
Янги тартибга кўра, фуқаро мобиль телефон рақамини банкнинг мобиль иловаси орқали ўз ҳисобварағига боғлайди. Бунинг учун банк ва мижоз ўртасида оферта тузилади. Бир телефон рақамини бир банк доирасида фақат битта банк ҳисобварағига боғлаш мумкин.
Рақам ҳисобвараққа боғланганидан сўнг, Банклар депозитларининг миллий маълумотлар базаси банкка махсус "боғлаш коди"ни реал вақт режимида юборади. Код фойдаланувчининг мобиль иловасида акс эттирилади.
Мобиль илова орқали амалга ошириладиган пул ўтказмалари 24 соат, ҳафтада 7 кун давомида қабул қилиниши ва бажарилиши мумкин. Банкка шахсан мурожаат қилиб амалга ошириладиган ўтказмалар эса банкнинг иш вақти доирасида бажарилади.
Операцияни тасдиқлашдан олдин фуқарога ўтказилаётган сумма, маблағ олувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми, маблағни қабул қилувчи банк номи ҳамда хизмат учун ундириладиган комиссия миқдори кўрсатилади.
Пул муваффақиятли ўтказилгандан кейин фойдаланувчига операцияни тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилади. Унда ўтказма санаси ва вақти, идентификация рақами, жўнатувчи ва қабул қилувчи банкларнинг маълумотлари, ҳисобварақ реквизитлари ҳамда тарафлар ҳақидаги маълумотлар акс эттирилади.
Агар пул жўнатувчи ва олувчи бир банкда хизмат кўрсатишса, операцияни Тезкор тўловлар тизими орқали амалга ошириш талаб этилмайди.
Фуқаро исталган вақтда мобиль илова орқали ёки банкка бевосита мурожаат қилиб, телефон рақамининг ҳисобвараққа боғланишини бекор қилиши мумкин.
Банк эса айрим ҳолатларда мижознинг розилигисиз ҳам боғланишни бекор қилиши мумкин. Жумладан, фойдаланувчининг мобиль иловадаги аккаунти ўчирилганида ёки у терроризм ёки оммавий қиргин қуролларини тарқатишга алоқадорликда гумон қилинган шахслар рўйхатига киритилгани аниқланганида шундай чора кўрилади.
Тизим орқали банклараро ҳисоб-китобларни Марказий банк клиринг асосида ташкил этади. Бунда иштирокчи банкларнинг ўзаро мажбурият ва талаблари ҳисобга олиниб, уларнинг соф позицияси аниқланади.
Қарорда белгиланган талабларни бузган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлиши қайд этилган.
Янги тартиб қарор расмий эълон қилинганидан кейин уч ой ўтгач кучга киради.
Аввалроқ янги банкноталар ва тангаларнинг чиқарилиши, шунингдек уларнинг хусусиятлари тўғрисидаги маълумотлар улар муомалага чиқарилишидан камида бир ҳафта олдин ОАВда эълон қилиниши билдирилганди. Бундай талаб Марказий банкнинг банк тизимида нақд пуллар билан ишлашни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги янги йўриқномаси лойиҳасида мавжуд.

Изоҳлар мавжуд емас