Загрузка
Загрузка
Кушербаев: давлат мактабида ойига 29 миллион сўмлик "пулли синфлар" ташкил этилиши қонунга қанчалик мос?
Жамият

Кушербаев: давлат мактабида ойига 29 миллион сўмлик "пулли синфлар" ташкил этилиши қонунга қанчалик мос?

6
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жамоатчилик фаоли Расул Кушербаев давлат мактаб-интернатларидан бирида пулли синфлар ташкил этилаётгани ва бунинг учун ҳуқуқий асос сифатида жамоатчиликка очиқ бўлмаган қарор кўрсатилаётганини танқид қилди.

Унинг маълум қилишича, хорижий тилларга ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатида 1–4-синфлар учун ойига 24 миллион сўм, 5–11-синфлар учун 29 миллион сўм, ётоқхона учун эса қўшимча 3 миллион сўм тўлаш белгиланган. Кушербаев ушбу амалиётга ҳуқуқий асос сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 декабрдаги 908-сонли, "хизмат доирасида фойдаланиш учун" грифидаги қарори кўрсатилаётганини билдирган.

У бу ҳолатни таълим олишда тенг имкониятлар принципи нуқтаи назаридан баҳсли деб атаган. Кушербаевнинг таъкидлашича, бир томонда оддий давлат мактабларида синф хоналари, инфратузилма ва бошқа шароитлар билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолаётган бир пайтда, бошқа томонда пул тўлаш имконияти бор оилалар фарзандлари учун давлат мактабида алоҳида шароитлар яратилмоқда.

"Конституциянинг 50-моддасида давлат бепул умумий ўрта таълим олишни кафолатлайди", — дея эслатган Кушербаев. У давлат таълимида пул тўлаш имкониятига қараб турли даражадаги шароитлар шаклланишига йўл қўйилмаслиги кераклигини таъкидлаган.

Унинг фикрича, давлат мактаблари "премиум хизмат" кўрсатадиган муассасага айланмаслиги, асосий эътибор эса ҳар бир болага сифатли таълим ва тенг шароит яратишга қаратилиши лозим.

Кушербаев, шунингдек, жамоатчиликка очиқ бўлмаган ҳужжат асосида давлат мактабида бундай пулли хизматларни ташкил этиш қанчалик асосли эканига ойдинлик киритиш зарурлигини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин мактабларда дарс тақсимотидаги устуворлик мезонлари 10 тагача қисқартирилганди.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...