Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда 7 ёшли болакайнинг улкан юк машинасини бошқариб кетаётгани акс этган видео тасвирлар тарқалиб, жамоатчиликнинг ҳақли эътирозлари ва хавотирларига сабаб бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан зудлик билан суриштирув ҳаракатлари олиб борилди.
Аниқланишича, ушбу воқеа аслида 2025 йилнинг сентябрь ойида Навоий вилоятининг Кармана туманида содир бўлган бўлиб, ўша пайтда болакай ҳали 7 ёшда бўлган. Мазкур баҳайбат транспорт воситаси бошқарувини унга ўз аммасининг ўғли ишониб топширган ва буни гўёки "ҳайдашни ўргатиш" мақсадида қилганини, иш бундай жиддий тус олишини кутмаганини баён қилган.
Жойларда ички ишлар органлари томонидан доимий равишда олиб борилаётган кучайтирилган тарғибот ва тушунтириш ишларига қарамасдан, оёғи зўрға педалларга етадиган ёш болаларга руль бошқарувини топширишдек масъулиятсизлик ҳолатлари ҳамон учраб турибди. Болаларнинг эркалиги ва хоҳиш-истаклари ҳеч қачон фожиага замин яратмаслиги керак.
Бугунги кунда ушбу юк машинаси жарима майдончасига вақтинчалик сақлаш учун жойлаштирилган. Қоидабузарликка йўл қўйган Кармана туманидаги ушбу фуқарога нисбатан, шунингдек, фарзандини назоратсиз қолдирган ота-онасига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан баённомалар расмийлаштирилган. Уларга бундай масъулиятсизликнинг аянчли ва мудҳиш оқибатлари ҳақида тушунчалар берилиб, таъсирчан видеоролик намойиш этилган.
Олдинроқ ижтимоий тармоқларда 11 миллиондан ортиқ марта кўрилган ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлган видеолавҳа қаҳрамони — 14 ёшли блогер Муҳаммаджон Файзуллаевнинг қонунбузарлиги юзасидан Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан кескин чоралар кўрилганди. Тизимли равишда транспорт воситасини бошқариб келган ўсмир ва унинг ҳаракатларига бефарқ бўлган отаси аниқланиб, қонуний жавобгарликка тортилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас