Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Хоразм вилоятининг Боғот туманида овқатдан заҳарланиш оқибатида бир оиладан она ва унинг уч нафар вояга етмаган қизи вафот этди. Дастлабки маълумотларга кўра, улар 8 октябрь куни аввалги кунги туғилган кундан қолган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилганидан кейин заҳарланиш аломатлари кузатилган. Ҳолат юзасидан 10 октябрь куни жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақида Batafsil.uz мухбирига Хаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Маълум қилинишича, фуқароларнинг ўлими сабабларини аниқлаш учун суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Текширувга Хоразм вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутахассислари жалб қилинган.
Дастлабки маълумотларда ҳалок бўлган қизларнинг энг каттаси 7 ёшда бўлгани айтилган.
Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг истеъмолчилар ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш билан боғлиқ, одамлар ўлимига сабаб бўлган қилмишлар учун жавобгарликни назарда тутувчи моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари Batafsil.uz мухбирига хавфли озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олинганми ёки уйда тайёрланганми, деган саволга жавобан бу ҳолат ҳозир тергов давомида аниқланаётганини билдирган.
Айни пайтда воқеанинг барча ҳолатлари, заҳарланиш сабаблари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларининг келиб чиқиши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас