Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,4 миллиард киловатт-соатга ёки 8,4 фоизга ошди. Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, январь–сентябрь ойларида мамлакатда жами 69,6 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилган.
Ушбу ҳажмнинг асосий қисми, яъни 49,1 миллиард киловатт-соати иссиқлик электр станциялари ҳиссасига тўғри келган бўлса, 10,5 миллиард киловатт-соати йирик қуёш ва шамол электр станциялари, 6,6 миллиард киловатт-соати гидроэлектр станциялари ва 2,5 миллиард киловатт-соати кичик қуёш станциялари томонидан етказиб берилган.
"Яшил" энергетика соҳасидаги кўрсаткичлар кескин ўсишни кўрсатган. Хусусан, йирик қуёш ва шамол электр станциялари тўққиз ойнинг ўзидаёқ 2025 йилнинг тўлиқ йиллик ишлаб чиқариш ҳажмига етган. Гидроэлектр станцияларида эса ўтган йилги 6,5 миллиард киловатт-соатлик кўрсаткич ортда қолдирилган.
Бундан ташқари, кичик қуёш станцияларида ишлаб чиқарилган энергия миқдори ўтган йилги натижадан 500 миллион киловатт-соатга ошишга эришган. Ҳисобот даврида мамлакатда умумий электр энергияси истеъмоли 6,3 фоизга ортиб, 68,1 миллиард киловатт-соатни ташкил этган.
Истеъмолчиларга жaми 53 миллиард киловатт-соат электр энергияси етказиб берилган бўлиб, шундан 14 миллиард киловатт-соати бевосита аҳоли эҳтиёжлари учун йўналтирилган.
Шунингдек, соҳада ташқи савдо кўрсаткичлари ҳам яхшиланган.
Электр энергияси экспорти 21,4 фоизга ошиб, 3,4 миллиард киловатт-соатга етган бўлса, импорт ҳажми 27,2 фоизга қисқариб, 1,9 миллиард киловатт-соатни ташкил этган.
Энергетика вазирлиги 2026 йил якунига қадар ишлаб чиқариш ҳажмини 94,6 миллиард киловатт-соатга, йиллик истеъмолни эса 92,2 миллиард киловатт-соатга етказишни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда хонадонлардаги иссиқхоналарни модернизация қилиш учун 2030 йилгача ер ва мол-мулк солиқларини 50 фоизга камайтириш, айланмадан олинадиган солиқдан озод қилиш ҳамда энергия тежовчи тизимлар истеъмол қилган электр энергияси харажатларининг ярмини қоплаш таклиф этилганди.

Изоҳлар мавжуд емас