Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қашқадарё вилоятининг Китоб тумани "Варганза" маҳалласида яшовчи бир оиланинг уч аъзосида қутуриш касаллиги аниқлангани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Бунинг ортидан вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси расмий баёнот берди.
Маълум қилинишича, ҳудудда яшовчи 47 ёшли фуқаро (1979 йилда туғилган) хавфли юқумли касаллик гумони билан шифохонага ётқизилган ва 11 июль куни вафот этган. Эпидемиологик суриштирув давомида марҳумни тахминан бир ой аввал ёввойи тулки боласи тирнаб олгани аниқланган.
Ҳозирда ушбу фуқаронинг аниқ ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Баёнотда ижтимоий тармоқларда тарқалган оиланинг бошқа аъзолари заҳарлангани ёки касаллангани ҳақидаги хабарлар рад этилган. Эҳтиёт чораси сифатида тиббий кўрикдан ўтказилган уч нафар фуқаронинг ҳеч бирида қутуриш касаллигининг клиник белгилари аниқланмаган. Улар шифокорлар назоратига олиниб, зарур профилактик эмлаш ишлари бошланган.
Айни пайтда Китоб туманида вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда ветеринария мутахассислари ҳамкорлигида эпидемиологик вазият тўлиқ назоратга олинган. Масъуллар аҳолидан ортиқча хавотирга берилмасликни ва фақат расмий маълумотларга таянишни сўрамоқда.
Олдинроқ Янгийўлда дайди итлар 11 ёшли болага ҳужум қилганди.

Изоҳлар мавжуд емас