Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ҳижрий тақвим бўйича янги 1448 йилнинг илк лаҳзаларида, муҳаррам ойининг биринчи кунида (2026 йил 16 июн), Маккаи мукаррамада Каъбаи муаззаманинг муқаддас ёпинчиғи — кисва алмаштириш маросими бўлиб ўтди.
Саудия Арабистони расмий ахборот агентлиги (SPA) маълумотига кўра, 150 нафар ҳунарманд томонидан 11 ой давомида тайёрланган, умумий оғирлиги 1 410 килограмм бўлган янги кисва Масжидул-Ҳаромдаги Каъба жойлашган Матоф майдонига махсус транспорт воситасида, қўриқчилар кузатувида етказилган.
Малакали мутахассислардан иборат махсус гуруҳ кисвани алмаштириш жараёнини назорат қилди. Бу жараён эски қопламани эҳтиёткорлик билан ечиш, ундаги олтин ва кумушдан ишланган безакларни ажратиб олиш ҳамда янги ёпинчиқни ўрнатиш босқичларини ўз ичига олади.
Кисва тайёрлаш жараёни Маккадаги махсус мажмуада амалга оширилади. Унда юқори сифатли табиий ипак, олтин ва кумуш иплар ҳамда пахта толаси ишлатилади. Барча материаллар махсус лабораторияларда иқлим шароитларига чидамлилик бўйича синовдан ўтказилади.
Маълум қилинишича, Каъбани тўлиқ қоплайдиган ушбу муқаддас матони тайёрлашга тахминан 6,68 миллион доллар сарфланади.
Каъба ёпинчиғи ислом оламида энг улуғ рамзлардан бири бўлиб, ҳар йили муҳаррам ойида уни алмаштириш маросими бутун мусулмон дунёси томонидан катта эътибор билан кузатилади.
Манбаларга кўра, Каъбани илк бор ёпинчиқ билан қоплаш анъанаси пайғамбар Исмоил алайҳиссалом даврига бориб тақалади. Қора ранг эса кейинчалик Аббосийлар сулоласи давридан бошлаб асосий анъанавий ранг сифатида шаклланган.

Изоҳлар мавжуд емас