Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Наманган вилояти Жиноят ишлари бўйича Поп туман судида Rayxon oilaviy milliy taomlari таъсисчиси Одилхон Исмоилов ва унинг олти нафар жиноий шеригига нисбатан олиб борилган суд жараёни якунланиб, тегишли ҳукм ўқилди. Суд мажлисида маълум қилинишича, йирик миқдордаги талон-торожлик ва ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбдор деб топилган Одилхон Исмоилов узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Суд жараёнида 49 ёшли муқаддам судланмаган Одилхон Исмоилов ва қолган олти нафар судланувчи томонидан бир қатор оғир жиноятлар содир этилганлиги аниқланган. Суд давомида тўпланган далиллар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари асосида уларнинг ўзлаштириш ёки растрата йўли билан ўзганинг мулкини талон-торож қилиш, мансаб сохтакорлигига йўл қўйиш, шунингдек, расмий ҳужжатлар, муҳр ва бланкаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш ҳамда қалбакилаштириш каби хатти-ҳаракатлари ўз исботини топган. Жиноий гуруҳ томонидан амалга оширилган ушбу ҳаракатлар натижасида жуда кўп миқдорда моддий зарар етказилган.
Жиноят ишлари бўйича Поп туман судининг қарорига кўра, Одилхон Исмоиловга 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бироқ Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан, унинг тергов ва суриштирув даврида ушлаб туриш ҳамда қамоқда сақлаш вақтлари жазо муддатидан чегирилиб, ўташ учун узил-кесил 7 йил 11 ой 28 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси қолдирилган.
Жиноий тил бириктирган қолган 6 нафар шерикка ҳам қонунбузарликларнинг оғирлик даражаси, жиноятдаги иштироки ва хатти-ҳаракатларидан келиб чиққан ҳолда турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазолари белгиланган.
Суд томонидан чиқарилган ушбу қарорга мувофиқ, жиноий қилмишлар оқибатида етказилган барча моддий зарарлар судланувчиларнинг зиммасига юклатилиб, улардан солидар тартибда ундирилиши белгиланган.
Билдирилишича, ҳозирги вақтда мазкур суд ҳукми ҳали қонуний кучга кирмаган. Жиноят процессининг барча манфаатдор тарафлари, жумладан, судланувчилар ва уларнинг ҳимоячилари қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва муддатларда Наманган вилоят судининг апелляция ёки кассация инстанциясига ҳукм устидан шикоят қилиш ёхуд норозилик протести келтириш ҳуқуқига эга.
Маълумот учун, январь ойидан бери Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти Поп туман суди собиқ имом-хатиб Одилхон Исмойиловга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бошланган ва айбланувчи ўшанда суд залининг ўзидаёқ ҳибсга олинганди.

Изоҳлар мавжуд емас