Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Рақобатга қарши келишувлар аниқлангани сабабли Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги 11 та автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчасига (АСГҚШ) нисбатан молиявий жарималар қўлланилди. Бу ҳақда маҳаллий аҳолининг нархларнинг асоссиз оширилгани юзасидан қилган мурожаатларидан кейин ўтказилган ўрганишлар натижасида маълум бўлди.
Рақобат қўмитаси мониторинг ва сўровномалар жараёнида мазкур тумандаги 12 та шохобчадан 11 таси жорий йилнинг 5 январидан бошлаб бир вақтнинг ўзида 1 куб метр газ нархини ўртача 300 сўмга оширганини аниқлаган. Ушбу ҳолат қўшни туманлардаги нархлар билан солиштирилганда, нархнинг бозор механизмига зид равишда сунъий кўтарилгани ўз тасдиғини топган.
Пайариқ туманидаги мазкур ноқонуний келишув жами 8 та масъулияти чекланган жамият — "Темур-Бек", "Садаф Агро Сервис", "Рақобат Эко Газ Сервис", "Жахонгир Престиж", "Худойберди Рамзиддин Автогаз", "Амирхон Газ Сервис", "Ал-Асадбек Газ Петрол Инвест" ҳамда "Бахрин Газ Оил" корхоналари томонидан содир этилганлиги аниқланган.
Ҳудудий бошқарманинг Махсус комиссияси ушбу субъектларга нисбатан "Рақобат тўғрисида"ги қонуннинг 19-моддасида белгиланган рақобатга қарши мувофиқлаштирилган ҳаракатлар учун иш қўзғатиб, уларнинг ҳар бирига нисбатан молиявий жарималар қўллаш тўғрисида қарор қабул қилган. Шунингдек, қоидабузар корхоналарга аниқланган салбий ҳолатларни бартараф этиш ҳамда келгусида газ нархларини сунъий равишда ошириш каби хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик юзасидан қатъий ва бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган.
Олдинроқ Ўзбекистонда UGaz янги рақамли тизими ишга тушганди, у реал вақт режимида барча ёқилғи қуйиш шохобчалари ишини назорат қилади. Унинг мақсади - табиий газни сотишда фуқаролар хавфсизлиги ва ҳисоб-китобларнинг шаффофлигини таъминлаш эди.

Изоҳлар мавжуд емас