Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Кеча Тошкент шаҳри Учтепа туманида яшовчи кишилар ўртасидаги низони акс этган видеолавҳа ижтимоий тармоқларда тарқалди. Видеолавҳа муаллифининг айтишича, уч нафар ўсмир миллий нафрат асосида неварасини уриб, уларнинг ота-онаси ҳам аёлни ҳақоратлаган. Мухбиримиз хабар беришича, ИИББ бу ҳолатни безорилик деб қабул қилган.
Жабрланган томоннинг нуқтаи назари
Зўравонликка қарши NeMolchi.uz лойиҳаси раҳбари Ирина Матвиенко жабрланган аёлнинг изоҳини чоп этган.
Воқеанинг бошланиши шундай бўлган: аёлнинг саккиз ёшли невараси ерда ётганида, уч нафар тенгдоши уни “Урус, урус”, - деб тепишган.
“Неварам ерда ётганини деразадан кўриб қолдим. Югуриб кўча чиққанимда, кўшни уйда яшовчи бола неварамнинг устини қоқиб, ердан туришга ёрдам бераётган экан. Ўша бола неварамни урган ўсмирларни ҳам четга тортган. Неварамнинг юзи чангда ва қаттиқ йиғлаётган эди. Урган болалар узоқда туриб, кулишни давом эттираётганди”, - деди бувиси.
Аёл болалар яшаётган манзилни билиб олиб, уларнинг ота-онасига шикоят қилиш учун йўл олган.
“Уларнинг онаси кўчада турган экан. Мен унга болаларингиз неварамни урган дейишим биланоқ, у менга ташланиб, қўлимни қайирди ва мен рус эканлигим, ўз Россиянгга жўна, деб айтди. Мен унга ўз ҳатти-ҳаракатинг учун милицияда жавоб берасан, дедим”, - дея ҳикоя қилган аёл.
Сўнгра аёл неварасининг ҳолидан хабар олиш учун уйга қайтган ва қизи билан бирга ариза ёзиш мақсадида участка нозирига борган. Улар подъездларидан чиқиши билан, ёнларига ўсмирлардан бирининг отаси келган. Эркак узр сўрашнинг ўрнига аёлни сўка бошлаган. Аёл ўша суҳбатнинг бир қисмини видеога олишга муваффақ бўлган.
ИИББ нима дейди?
“12 сентябрь куни 51 ёшли Лилия Я., унинг 26 ёшли қизи Диана И., 32 ёшли аёл Барнохон Р., ва унинг 40 ёшли эри Жамшид Р. ўртасида жанжал келиб чиқиб, унинг давомида томонлар бир-бировларини ҳақорат қилишган. Низога уларнинг фарзандлари ўртасидаги келишмовчилик сабаб бўлган. Томонлар суд-тиббий экспертизадан ўтишдан воз кечишган”, - дея маълум қилган ИИББ.
Воқеадан сўнг Лилия Я. ариза билан Учтепа тумани ИИБ ФМБга мурожаат қилган.
Текшириш натижаларига кўра, жанжалнинг ҳар-бир иштирокчисига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасига асосан маъмурий баённома тузилган. Иш материаллари қонуний қарор чиқариш ва тегишли чора кўриш учун судга юборилган.
Таҳририят фикри
Жанжаллашган томонлар ўртасида нима бўлганидан қатъий назар, ҳақиқий эркак 51 ёшли аёлга нисбатан ўзини шундай тутиши мумкинми? Наҳотки мамлакатимизда мулоқот ва маданият даражаси шу даража паст бўлганки, 40 ёшли эркак аёлга нисбатан шундай муносабат қилса?
Олинган видеода қайд этилишича, эркак ҳаммага, хусусан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига тупурганини айтмоқда. Бу жуда хавфли ёндошув бўлиб, яхшилик билан тугамайди. Кейинги пайтларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан низога борилаётган ҳолатларнинг кўпайиб бориши фикримизнинг ёрқин далилидир.
Изоҳлар мавжуд емас